Ўзатом: Ўзбекистон сарфланган ядро ёқилғисини бошқариш стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқди

Ўзатом: узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистон ядро энергетикасини мамлакат энергетика балансига интеграция қилишни режалаштирмоқда.
Sputnik
TOШКЕНТ, 8 янв — Sputnik. Ўзбекистон сарфланган ядро ёқилғиси, радиоактив чиқиндилар ва ядровий қурилмаларни фойдаланишдан чиқариш стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда “Ўзатом” директори Азим Ахмедхаджаев Trend халқаро ахборот агентлигига берган эксклюзив интервьюсида маълум қилди.
“Стратегия лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Ҳозирда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишиш жараёнида”, — деди у.
Бундан ташқари, Азим Ахмедхаджаевнинг айтишича, Ўзбекистон мамлакатда қазиб олинадиган табиий урандан ядровий ёқилғи етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартномалар тузишда хомашё сифатида фойдаланишни кўриб чиқмоқда.
“Маҳаллий хомашёдан фойдаланиш келгусида Ўзбекистондаги атом электр станцияларига етказиб бериладиган ядро ёқилғиси таннархини тартибга солиш имконини беради ва бу орқали ишлаб чиқариладиган электр энергияси таннархини пасайтиради, – деди “Ўзатом” директори.
2024 йил 10 сентябрда кам қувватли атом электр станциясини қуриш бўйича ишларни бошлаш тўғрисидаги баённома имзолангани мамлакатда атом энергетикасини ривожлантиришнинг муҳим босқичи бўлди. Ҳужжат станциянинг ўзини лойиҳалаш, вахта посёлкасини қуриш, қурилиш-монтаж ишлари учун база, шунингдек, муҳандислик тадқиқотларини қамраб олади. Ахмедхаджаевнинг сўзларига кўра, ҳозирда қурилиш майдончасида табиий муҳит компонентларини кузатиш давом этмоқда.

“Ер усти ва ер ости сувлари хусусиятларининг аэрометеорологик мониторинги, шунингдек, сейсмик фаоллик ва ер юзасининг замонавий ҳаракатларини мониторинг қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ишларнинг барчаси 2022 йилда Ўзбекистонда SEED (майдон дизайни ва ташқи ҳодисаларни кўриб чиқиш хизмати) миссияси якунлари бўйича МАГАТЭ экспертларининг тавсиялари асосида амалга оширилмоқда. Шунингдек, шартнома доирасида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. АЭСнинг биринчи блокини ишга тушириш иш бошланган кундан бошлаб 60 ой ўтгач амалга оширилиши керак. Ҳар бир кейинги блок 6 ойлик интервал билан ишга туширилади”, – деди у.

“Ўзатом” директори, шунингдек, Ўзбекистон ядро инфратузилмасини ривожлантиришга ҳисса қўшаётган МАГАТЭ билан яқин ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади.
“2023 йилда SEED миссияси амалга оширилди, унинг натижалари халқаро экспертлар томонидан ижобий баҳоланди. 2022–2027 йилларга мўлжалланган Давлат дастури асосига илованинг имзоланиши МАГАТЭ билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш учун янги имкониятлар очди”, — деди Ахмедхаджаев.
Унинг сўзларига кўра, узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистон ядро энергетикасини мамлакат энергетика балансига интеграция қилишни режалаштирмоқда.
2020–2030 йилларга мўлжалланган электр энергияси билан таъминлаш концепциясига кўра, атом электр станциялари қурилиши нафақат углеводород ёқилғиси истеъмолини, балки иссиқхона газлари чиқиндиларини ҳам камайтиради.
“Атом энергетикаси мамлакатни бутун мавсум давомида электр, иссиқлик ва тузсизланган сув билан таъминлаш учун асос бўлади. Бу атом саноатини ривожлантириш йўлидаги биринчи қадам бўлиб, иқтисодиёт ва аҳоли фаровонлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ўзбекистон энг йирик табиий уран ишлаб чиқарувчилардан бири сифатида ядро ёқилғиси нархини тартибга солиш учун ўз ресурсларидан фойдаланиш ниятида. Бу атом электр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқариш харажатларини пасайтиради”, — дея қўшимча қилди директор.
ХАЭА Ўзбекистонда “Росатом” иштирокида кам қувватли АЭС қурилишини қўллаб-қувватлади
Денис Мантуров Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш ортиб бораётганини айтди