TOШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. Россиянинг Томск вилояти тикувчилик ва тўқимачилик корхоналарига Ўзбекистондан тажрибали тикувчиларни ишга жалб қилмоқчи. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консули Аслам Акбаров Томск вилояти губернатори ўринбосари Василий Потёмкин билан музокара ўтказди.
Россия вакили Ўзбекистон Томск вилоятининг савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий соҳаларидаги асосий шерикларидан бири эканлигини таъкидлади.
Мулоқотда вилоятдаги турли корхоналарга Ўзбекистондан мутахассисларни ишга жалб қилиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
"Ўзбекистон вакиллари нафақат ҳудуднинг иқтисодий ривожланишига, балки икки давлат ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик жараёнига ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда", — деди Потёмкин.
Унинг қўшимча қилишича, ҳудуддаги тикувчилик ва тўқимачилик корхоналарига Ўзбекистондан тажрибали тикувчиларни жалб қилиш зарурати бор.
“Тажриба алмашиш ва истиқболдаги вазифаларни муҳокама қилиш мақсадида "Чирчиқ" саноат парки ва Сирдарё вилоятидаги саноат парки вакилларининг Томск шаҳрига ишчи сафарини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди”, — дея қайд этилган хабарда.
Айтилишича, ҳар чоракда Томск вилояти раҳбарияти билан савдо-иқтисодий ва меҳнат миграцияси бўйича биргаликдаги ишларнинг бориши юзасидан учрашув ўтказиш муҳим.