Ўзбекистоннинг янги элчиси Туркманистон президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Туркманистон президенти Равшанбек Алимовни масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Ўзбекистоннинг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор элчиси Равшанбек Алимов Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.
Дипломат Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга самимий саломларини етказди. У Ўзбекистон раҳбарининг мустақил бетараф Туркманистон билан анъанавий дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга катта аҳамият қаратаётганини таъкидлади.
Новоназначенный посол Узбекистана вручил верительные грамоты Президенту Туркменистана
Туркманистон президенти самимий сўзлар учун миннатдорлик билдириб, Равшанбек Алимовни масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади ва Ўзбекистон олий раҳбариятига эзгу тилакларини етказишни сўради. Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги дўстона ва яхши қўшничилик алоқалари узоқ муддатли ҳамда стратегик хусусиятга эга эканлиги таъкидланди.
Учрашувда давлатлараро мулоқотнинг барча миқёсда барқарор ва самарали ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Кейинги йилларда икки томонлама муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани, энергетика, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик муттасил жадаллашаётгани урғуланди.
Эслатиб ўтамиз, Равшанбек Алимов шу йил 29 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва Мухтор элчиси сифатида Туркманистон пойтахтига ташриф буюрди. У 2020-2024 йилларда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси вазифасида ишлаган.