TOШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) кенгаши Арманистонга 2 минг тоннадан ва Россияга 25 минг тоннадан кўп бўлмаган миқдорда олиб кириладиган сариёғ учун импорт божхона тўловларидан озод қилиш кўринишидаги тариф имтиёзларини тақдим этишга қарор қилди. Бу ҳақда ЕИК матбуот хизмати хабар берди.
Божхона тарифини тартибга солишнинг ушбу чораси ҳужжат кучга кирган кундан бошлаб 2025 йил 15 июнгача амал қилади.
“Ушбу чоранинг жорий этилиши нархларнинг ошишига чек қўйиш ва танқисликка йўл қўймаслик учун ички бозорда қўшимча сариёғ етказиб беришни таъминлаш учун зарур. Етказиб берилаётган ёғдан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ҳам, чакана савдода сотишда ҳам фойдаланиш мумкин”, — деди ЕИК савдо вазири Андрей Слепнев.
У қарор бошқа сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришга зарар етказмаган ҳолда қисқа муддатда талаб ва таклиф мувозанатини таъминлашини алоҳида таъкидлади. Импорт, хусусан, Эрон ва Ҳиндистондан амалга оширилиши мумкин.
Тариф имтиёзлари Арманистон Республикаси ёки Россия Федерациясининг ваколатли органи томонидан тасдиқланган тақдирда тақдим этилади.
Қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун ўтгач кучга киради.