Ўзбекистон ва Малайзия зиёрат туризми бўйича ҳамкорликни фаоллаштирмоқчи

Ўзбекистон туризм соҳаси вакиллари Малайзиянинг зиёрат туризми бўйича тажрибасини ўрганади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 28 ноя — Sputnik. Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги зиёрат туризми йўналишидаги ҳамкорлик янада фаоллашади, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзия туризм, санъат ва маданият вазирлиги ҳузуридаги Ислом туризм маркази бош директори Низран Нурдин билан учрашди.
Қуйидагилар бўйича фикр алмашилди:
Куала-Лумпурда Ўзбекистон туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш;
Ўзбекистон туризм соҳаси вакиллари учун Малайзиянинг зиёрат туризми бўйича илғор тажрибасини ўрганиш;
Сайёҳлик хизматларини мусулмон сайёҳларнинг эҳтиёжларига мослигини тасдиқловчи "Muslim-Friendly Tourism and Hospitality Assurance and Recognition" сертификациялаш тизимига оид ўқув дастурларини ташкил этиш.
Қайд этилишича, Бухоро, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг туризм дастурлари, жумладан "зиёрат туризми", "Умра+", "маданий туризм", "гастротуризм", "қишки туризм" каби турпакетлар малайзияликлар орасида кенг тарғибот қилинмоқда.
“Томонлар Малайзиянинг зиёрат туризми соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганиш, икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари иштирокида қўшма ўқув семинарларни ташкил этишга келишиб олишди”, — дейилади хабарда.
Малайзия ҳалол туризм стандартлари бўйича дунёнинг етакчи мамлакатларидан бири ҳисобланади. Ҳукумат туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этиладиган хизматларни ҳалол сертификатлаш бўйича тартибни жорий қилган.
Малайзияда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти тақдим қилинди
Малайзия Ўзбекистонга ислом суғуртасини жорий этишни таклиф этди