TOШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маймун чечагига қарши иккинчи вакцинани тасдиқлади. Уни болаларда ҳам қўллаш мумкин, деб ёзмоқда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Ташкилот маймун чечаги (mpox) вирусига қарши яратилган иккинчи вакцинани тасдиқлади. Япониянинг “KM Biologics” компанияси томонидан ишлаб чиқилган ушбу эмлаш воситаси “LC16m8” деб номланади.
Қайд этилишича, шу йил сентябрь ойида фойдаланиш учун рухсат этилган Даниянинг “Bavarian Nordic A/S” компаниясига тегишли “MVA-BN” номли илк эмлаш препарати 18 ёшдан ошганларда қўллашга мўлжалланган эди.
“Ишлаб чиқарилган янги вакцинани эса нафақат катталар, балки бир ёшдан ошган болалар ҳам фавқулодда ҳолатларда қабул қилиши мумкин”, — дейилади хабарда.
ЖССТ баёнотида айтилишича, Япония ҳукумати маймун чечаги эпидемияси авж олган Конго Демократик Республикасига ушбу вакцинадан 3 миллион дозасини беғараз ёрдам сифатида етказиб беришга қарор қилган.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида дунё бўйича mpox инфекциясига чалиниш ҳолатлари рекорд даражага етиб, 2763 та янги касалланиш ҳолати рўйхатга олинган эди. Аниқланган беморларнинг асосий қисми Африка минтақаси аҳолиси ҳиссасига тўғри келади.