ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда тақиқланган услублардан фойдаланиб ов қилиш учун белгиланган жазо чоралари кучайтирилди. Бу ҳақида 21 ноябрь куни Ўзбекистон президенти томонидан имзоланган 1004-сонли қонунда айтиб ўтилган.
"Тақиқланган қуроллардан ёки усуллардан фойдаланган ҳолда ов қилиш: базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади", - дейилади қонун матнида.
Хусусан, электр токини, портловчи, кимёвий моддаларни ёки биологик препаратларни қўллаган ҳолда ов қилиш ёхуд балиқ овлаш учун БҲМнинг 600 бараваригача жарима солиниши ёки 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Янги қонунда нафақат ов қилиш ёки балиқ овлаш қоидаларини бузиш, балким ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳам, жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса-да, БҲМнинг 20 дан 30 бараваригача (жисмоний шахсларга) ва БҲМнинг 30 дан 40 бараваригача (мансабдор шахсларга) жарима солиш белгиланган.