Россия Ўзбекистонга нефтни қазиб олишда сунъий интеллектдан фойдаланишни таклиф қилди

“Ўзбекнефтгаз”да Россиянинг Томск вилояти губернатори ўринбосари бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Россия Ўзбекистонга нефтни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш мажмуаларида сунъий интеллектдан фойдаланиш таклифини билдирди, дея хабар берди “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати.
“Ўзбекнефтгаз” АЖда Россиянинг Томск вилояти губернатори ўринбосари бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
“Томск вилояти делегацияси аъзолари мураккаб қазиб олинадиган нефтни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш мажмуаларида сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича ўз таклифларини билдиришди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳамкорлик доирасида ўзаро тажриба алмашиш, махсус курс ва семинарлар ташкил этиш орқали мутахассислар малакасини ошириш ҳам муҳокама этилди.
Томонлар ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олишди. Унда икки томонлама лойиҳалар, таълим ва тадқиқот соҳасидаги ҳамкорлик, инновацион технологияларни жорий этиш учун аниқ қадамлар белгилаб олинади.
Томск университетлари компания учун геология, нефть ва газ конларини ўзлаштириш ва улардан фойдаланиш, хомашёни ташиш, сақлаш ва қайта ишлаш соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашга тайёр.

“Улар қайта тикланиши қийин бўлган нефтни ўрганиш ва ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни таклиф қилишди. Бизда “Палеозой” лойиҳаси доирасида ишланмалар мавжуд. Биз Томск политехника университетининг "Илғор муҳандислик мактаби" форматида ишлашга тайёрмиз, у ерда саноат ишлаб чиқаришида сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича мамлакатнинг биринчи лабораторияси яратилган”, — деб ёзади Томск вилояти губернатори Владимир Мазур ўзининг Telegram-каналида.

Тошкент ва Томск вилоятлари ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда