ТОШКЕНТ, 6 ноя — Sputnik. Халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларда даволаш хизматларини реклама қилиш тақиқланди. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган билан айрим қонун ҳужжатларига киритилган қўшимча ва ўзгартиришларда назарда тутилган.
Ҳужжат билан қуйидаги ҳолатларга маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда:
фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини халқ табобати соҳасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатганлик;
хизматларни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига кўрсатганлик.
Мазкур хизматларни омма олдида тарғиб қилганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик ўрнатилмоқда.
Шунингдек, халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда фуқароларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини реклама қилиш тақиқланмоқда.
“Халқ табобати соҳасида фаолият олиб бориш учун тегишли ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини кўрсатиш ҳамда мазкур хизматларни омма олдида тарғиб қилиш, башарти жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, - фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 20 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 20 бараваридан 25 бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади”, — дейилади ҳужжат матнида.
Агар ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин бир йил давомида такроран этилган бўлса, - базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.