ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳрида Россия президенти Владимир Путин билан учрашди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ўзбекистон етакчиси БРИКС саммитида иштирок этаётган делегациялар раҳбарларини қутлаш маросимида қатнашди.
"Казань Экспо" халқаро кўргазмалар марказида давлат раҳбарини Россия Федерацияси президенти Владимир Путин кутиб олди.
Маросимда бир қатор мамлакатларнинг давлат ва ҳукуматлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этди. Тадбирдан сўнг тантанали қабул маросими ўтказилди.
Бугун "БРИКС плюс" форматидаги саммитнинг асосий йиғилиши бўлиб ўтади.
"Ўзбекистон етакчиси "БРИКС плюс" форматидаги саммитнинг ялпи сессиясида нутқ сўзлайди", — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан БРИКС бирлашмаси давлатларининг саммитида иштирок этмоқда.