Болаларга нисбатан оилавий зўравонлик учун жавобгарлик белгиланди

Президент имзолаган қонун оилада болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 окт — Sputnik. Ўзбекистонда болаларга нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик содир этганлик учун жавобгарлик белгиланди. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган тегишли қонунда назарда тутилган.
Бугунги кунда ҳуқуқни қўллаш амалиётида болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ қатор муаммолар мавжуд. Хусусан, болаларга нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик тарзидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва жиноий қилмишлар содир этганлик учун жавобгарлик белгиланмаган.
Қонун билан Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига болаларга нисбатан оилавий зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексига оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза фақат суд муҳокамаси босқичида берилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

“Ушбу қонун оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашга, оилада болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга, шунингдек мамлакатимизнинг болалар ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ халқаро индекслардаги ўрнини яхшилашга хизмат қилади”, — дейилади ҳужжат матнида.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Одам савдоси: ҳомиладорларга нисбатан содир этилган жиноят учун жазо кучайтирилади