TOШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. МДҲ ПА кузатувчилари Ўзбекистонда парламент сайловларида муддатидан олдин овоз бериш жараёнини кузатишни бошлади, дея хабар берди МДҲ Ижроия қўмитаси.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов бўйича муддатидан олдин овоз бериш бошланди.
МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг халқаро кузатувчилари Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва Санкт-Петербургдаги Бош консуллиги ҳузуридаги сайлов участкаларида бўлди. Кузатувчилар муддатидан олдин овоз бериш тартиби билан танишиб, сайлов участкалари очиқ эканлигига, участка комиссиялари тузилганига, комиссия аъзолари ўқитилиб, иш бошлаганига ишонч ҳосил қилди.
“Участкалар республика қонунчилигида назарда тутилган барча ахборот материаллари ва техник жиҳозлар билан таминланган. Ўзбекистон бош консули Абдураҳмон Маҳмудов МДҲ ПА халқаро кузатувчилари билан учрашувда Ўзбекистон фуқаролари учун муддатидан олдин сайёр овоз беришни Санкт-Петербург ва Россия Федерациясининг шимоли-ғарбий минтақаларида ташкил этиш, шунингдек, асосий овоз бериш кунига тайёргарлик кўриш бўйича режалаштирилган тадбирлар ҳақида маълум қилди”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 27 октябрга белгиланган парламент сайловлари бўйича муддатидан олдин овоз бериш 16-23 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарида очилган сайлов участкаларида овоз бериш маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан 18:00 гача амалга оширилади.
МДҲ ПА халқаро кузатувчилар гуруҳи етти давлат парламентлари вакилларидан тузилган. Қирғизистонлик депутат Ўзбекистондаги сайловларда МДҲ ПА кузатувчиларига раҳбарлик қилади.
Аввалроқ Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) бош котиби Сергей Лебедев Ўзбекистонда сайловга тайёргарлик ишлари муносиб ва уюшқоқлик билан давом этаётганини айтиб, сайловга тайёргарлик жараёнини ижобий баҳолаган эди.