Ўзбекистон космик фазони тадқиқ қилиш ҳуқуқига эга бўлди

Энди Ўзбекистон космик фазо ва самовий жисмларни тадқиқ қилиш ва улардан тинч мақсадларда фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 окт — Sputnik. Ўзбекистон космик фазо, ой ва бошқа самовий жисмларни тадқиқ қилиш бўйича халқаро шартномага қўшилди, дея хабар берди "Ўзбеккосмос" агентлиги ахборот хизмати.
Куни кеча Ўзбекистон президенти “Космик фазо, шу жумладан Ой ва бошқа самовий жисмларни тадқиқ қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатларнинг фаолият тамойиллари тўғрисида”ги шартномага (Лондон, Москва ва Вашингтон, 1967 йил 27 январь) мамлакатнинг қўшилиши ҳақидаги қонунни имзолади.
“Ўзбеккосмос”га кўра, шартномага қўшилиш Ўзбекистон учун бир қатор халқаро космик ҳуқуқларни тақдим этади.
Ҳуқуқлар:
ҳеч қандай дискриминациясиз космик фазо ва самовий жисмларни тадқиқ қилиш ва улардан тинч мақсадларда фойдаланиш;
ортиқча тўсиқларсиз эркин тарзда илмий тадқиқотлар ўтказиш, бу борада давлатлараро тенгликка эга бўлиш;
учирилган космик объектлар ва уларнинг экипажлари устидан юрисдикция ҳамда назоратни сақлаб қолиш;
космик соҳада фаолият юритувчи давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш орқали технологиялар трансферини жадаллаштириш.

“Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг шартномага қўшилиши бўйича қабул қилинган қонун мамлакатимизнинг космик соҳадаги ҳуқуқий тизими халқаро умумэътироф этилган принциплар ва нормаларга асосланган ҳолда ривожланаётганидан далолат беради”, — дейилади хабарда.

Ўзбекистондаги тўғонлар деформацияси илк бор коинотдан текширилди
Маълумот учун, шартнома АҚШ, Буюк Британия ва Совет Иттифоқи томонидан 1967 йил 27 январда имзоланган ва ўша йилнинг 10 октябридан кучга кирган. Бугунги кунда унга 114 та давлат қўшилган. Мазкур ҳужжат космик фазонинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи 17 та моддани ўз ичига олади.
Мазкур шартнома космик фазода оммавий қирғин қуролларини жойлаштиришни ва космик фазодан ҳарбий мақсадларда фойдаланишни тақиқлайди. Ҳужжат космик фазонинг ҳуқуқий мақоми асосларини белгилайди ҳамда космосдан тинч мақсадларда фойдаланишни таъминлаш учун халқаро қоидалар ва тамойилларни ўрнатади.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Тошкентда Космик тадқиқотлар ва техонолагиялар агентлиги “Ўзбеккосмос” ташаббуси билан МДҲ Давлатлараро космик кенгашининг бешинчи йиғилиши, шунингдек, 4-10 октябрь кунлари “Бутунжаҳон космос ҳафталиги” тадбирлари бўлиб ўтди.
"Ўзбеккосмос" 2024-2025 йилларда МДҲ Давлатлараро космик кенгашига раислик қилади