TOШКЕНТ, 14 окт — Sputnik. Ўзбекистон терма жамоаси Абу-Дабидаги дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнирини 2 та бронза медали билан якунлади, дея хабар берди Миллий олимпия қўмитаси.
Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнири ўз якунига етди.
Мусобақанинг сўнгги кунида оғир вазн тоифаларидаги баҳслар ташкил этилди.
“Бугун юртдошларимиздан +100 кг вазнда курашган Ўткирбек Тўрабоев бронза медали соҳибига айланди. Полвонимиз учинчи ўрин учун кечган баҳсда нейтрал мақомдаги атлет Тамерлан Башаевдан устун келди ва илк бор мазкур таснифдаги турнирда медал қўлга киритди”, — дейилади хабарда.
Шу тариқа, дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ушбу мусобақани 2 та бронза медали билан якунлади. Турнирнинг илк кунида Муҳриддин Тиловов (-66 кг) ҳам шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилган эди.