ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik. Шавкат Мирзиёев бугун Ашхободда бўлиб ўтган буюк туркман шоири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган "Замон ва цивилизацияларнинг ўзаро боғлиқлиги - тинчлик ва тараққиёт асоси" мавзусидаги халқаро форумда нутқ сўзлади.
"Ўзбекистонда Махтумқули ижоди юксак қадрланади. Шоир Хива шаҳридаги Шерғозихон мадрасасида таҳсил олиб, дунёвий ва диний илмларни ўрганган. У буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийни чуқур ҳурмат қилган", - деди Ўзбекистон президенти.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 2024 йилда Ўзбекистонда ҳам Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги кенг нишонланаётгани ҳам айтиб ўтди. Анжуман, семинар, адабий кеча, танлов, спектакллар ва бошқа тадбирлар ўтказилмоқда. Ўзбек ва туркман киноижодкорлари томонидан шоир ҳақида ҳамкорликда бадиий фильм суратга олинди.
Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистон президентига миннатдорлик билдириб, Махтумқули таваллудининг 300 йиллиги медали билан мукофотланишини маълум қилди.
Тадбир ниҳоясида форумнинг якуний ҳужжати қабул қилинди.