ТОШКЕНТ, 4 окт – Sputnik. Исроилнинг жума оқшомида Байрутга берган зарбасининг эҳтимолий нишони Ливандаги "Ҳизбуллоҳ"нинг янги бош котиби бўлиши мумкин, дея хабар беради "Axios" портали Исроил расмийларига таяниб.
Аввалроқ РИА Новости мухбири Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари Байрут халқаро аэропортига туташ Лейлаки маҳалласига 20 тага яқин зарбалар берганини маълум қилганди.
“Исроилнинг Байрутга зарбаси нишони "Ҳизбуллоҳ"нинг юқори мартабали етакчиси, Ҳасан Насруллоҳнинг эҳтимолий вориси Ҳошим Сафи ад-Дин бўлиши мумкин”, — дейилади хабарда.
"Аxios" хабарига кўра, зарба вақтида Сафи ад-Дин ерости бункерида бўлган.
Аввалроқ "The New York Times" газетаси Ҳошим Сафи ад-Дин ташкилот раҳбари Ҳасан Насруллоҳнинг ўлимидан сўнг "Ҳизбуллоҳ"нинг янги раҳбари бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.
Исроил Ливаннинг жанубида "Ҳизбуллоҳ" кучларига қарши қуруқликдаги операцияни 1 октябрда бошлади ва қўшни давлатни ҳаводан бомбардимон қилишда давом этмоқда. Бу ерда аллақачон мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, 90 мингдан ортиқ киши жароҳатланди. Йўқотишларга қарамай, "Ҳизбуллоҳ" қуруқликдаги жангларни олиб бормоқда ва Исроил ҳудудига ракета ҳужумларини уюштирмоқда.