Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари "BelTexIndustry 2024" кўргазмасида иштирок этмоқда

Минскдаги энг йирик саноат кўргазмасида ўзбек матолари, тайёр кийим ва тўқимачилик маҳсулотлари, дизайнерлар коллекциялари намойиш этилмоқда.
Sputnik
TOШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари "BelTexIndustry 2024" енгил саноат маҳсулотлари улгуржи савдоси 48-халқаро кўргазмасида иштирок этмоқда. Бу ҳақда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси матбуот хизмати хабар берди.
Уюшма раҳбарияти 2-4 октябрь кунлари Беларусь пойтахти Минск шаҳрида бўлиб ўтаётган энг йирик саноат кўргазмасининг расмий очилиш маросимида иштирок этди.
Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари BelTexIndustry 2024 кўргазмасида иштирок этмоқда
“Кўргазмада Ўзбекистоннинг бир қанча йирик тўқимачилик корхоналари экспорт ҳажмини ошириш, стратегик ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш мақсадида матолар, тайёр тикувчилик ва тўқимачилик маҳсулотларини намойиш этмоқда”, — дейилади хабарда.
Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари BelTexIndustry 2024 кўргазмасида иштирок этмоқда
Бизнес дастури доирасида меҳнат унумдорлигини ошириш ва ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш, меҳнат бозоридаги кадрлар тенденциялари, тўқимачилик бозорида муваффақиятли бизнес стратегияси, шунингдек, етакчи корхоналар раҳбарлари иштирокида бизнес учрашувлари ва компания тақдимотлари бўлиб ўтмоқда.
Шунингдек, ўзбекистонлик дизайнерлар мода кўргазмаларида қатнашмоқда.