Қурилиш, таълим, туризм ва саноат: Мирзиёев лойиҳалар тақдимоти билан танишди

Давлат раҳбари лойиҳаларни такомиллаштириш, амалдаги ишларнинг сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 26 сентябрь куни қурилиш, таълим, туризм ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йил 3 апрель куни Янги Тошкент шаҳрида илк иншоотлар қурилиши бошланган эди.
Шулардан бири – Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Адабиёт музейи ва Миллий мақом марказини ўз ичига олган мажмуа. У жаҳонга машҳур “Zaha Hadid architects” компанияси томонидан лойиҳалаштирилган. Бўлажак мажмуа ўзига хос дизайни ва функционаллиги билан диққатга сазовор.
Янги Тошкент учун яна бир салоҳиятли гўша – Чирчиқ дарёси. Аҳоли ва меҳмонларга замонавий шароитлар яратиш мақсадида унинг 6 километрга яқин қисмида дам олиш ҳудуди барпо этиш мўлжалланган. Бунинг учун қирғоқлар тартибга келтирилиб, кўкаламзорлаштирилади. Меҳмонхона, соғломлаштириш ва кўнгилочар масканлар қурилади.
Кейинги йилларда Ўзбекистонинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бормоқда. Ушбу нуфузли ташкилот Бош конференциясининг 43-сессияси 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши белгиланган.
Тақдимотда шу борада амалга оширилаётган ишлар ҳамда режалар тўғрисида ахборот берилди. Хусусан, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида Самарқанд шаҳридаги маданий мерос объектларини асраш, улар бўйлаб саёҳатлар ва кўргазмалар ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 26 сентября ознакомился с презентацией проектов в сферах строительства, образования, туризма и промышленности.
Ижтимоий соҳадаги энг катта йўналишлардан бири бу таълим. Ўзбекистонда олий таълимда янги масканлар қурилиб, шароитлар яхшиланмоқда.
Бухоро давлат университетида 21 мингдан зиёд ёшлар ўқийди, 10 та факультет, 8 та ётоқхона бор. Лекин бинолар шаҳарнинг турли ҳудудларида тарқоқ жойлашган бўлиб, ўқитувчи ва талабаларга ноқулайликлар туғдирмоқда. Шу боис Бухоро шаҳрининг чеккасида университет учун янги кампус қуриш режалаштирилмоқда. 43 гектарда лойиҳалаштирилаётган мажмуада барча факультетлар, маъмурият, ётоқхоналар, лабораториялар, кутубхона, стадион, спорт зали ва амфитеатр яхлит жойлашади. Дарс ва амалиёт учун замонавий шароитлар яратилади. Ётоқхона ўрни 3 мингтадан 6 мингтага ошади. Бўш майдонларга дарахтлар экилиб, боғ барпо этилади.
Сўнгги йиллардаги бунёдкорлик ишлари натижасида Хиванинг салоҳияти янада ошди. Бу ерга келувчиларга қулайлик яратиш мақсадида поезд вокзали ёнида йўл ўтказгич барпо этиш мўлжалланмоқда. Лойиҳага кўра, 450 метрлик бу йўл транспортлар қатновини алоҳида ташкил этиш имконини беради, вокзал ва Ичан қалъа ўртасида пиёдалар хавфсиз ҳаракатланади.
Давлат раҳбари лойиҳаларни такомиллаштириш, амалдаги ишларнинг сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Тақдимотда Тошкент шаҳрида инвестиция дастурларининг бажарилиши ҳақида ҳам ахборот берилди. Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган даврида 2 миллиард доллар қийматидаги инвестициялар ўзлаштирилган. 200 га яқин саноат лойиҳалари фойдаланишга топширилиб, 25 мингдан зиёд иш ўрни яратилган. Жумладан, Янгиҳаёт туманидаги технопаркда 46 та корхона ташкил этилмоқда.
Президент йил якунигача мўлжалланган лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш, энергия тежамкорликка алоҳида аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Мирзиёев иштирокидаги йиғилиш: профессионал таълим тизими қандай ўзгаради?