ТОШКЕНТ, 26 сен — Sputnik. Хитой билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик қилинади. Бу ҳақда президент томонидан қабул қилинган тегишли қарорда назарда тутилган.
Президент “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
“Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим тасдиқланди”, — дейилади ҳужжат матнида.
Битим 2024 йил 24 январда Пекинда имзоланган.
Унга кўра, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгиланди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга кирганидан кейин унинг қоидалари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминлайди.