Ўқотар бўлмаган қуролни ўз ихтиёри билан топширганлар жавобгарликка тортилмайди

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги норма киритилди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 28 авг — Sputnik. Ўзбекистонда ўқотар бўлмаган қуролни ўз ихтиёри билан топширган шахслар жавобгарликка тортилмайди. Бу бўйича президент томонидан имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча киритилди.
Ҳужжатга кўра, шахс ўзининг қонунга хилоф эгалигида бўлган пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ихтиёрий равишда топширса маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.
“Илгари бундай норма мавжуд эмас эди. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, ўқотар қуролдан белгиланган тартибни бузган ҳолда отиш — қуролни ва ўқ-дориларни мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Пневматик, улоқтириш, сигнал берувчи қуролдан белгиланган тартибни бузган ҳолда отиш, шунингдек тиғли совуқ қуролдан белгиланган тартибни бузган ҳолда фойдаланиш — қуролни ва ўқ-дориларни мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Қурол ва ўқ-дориларни ҳадя этиш тақиқланди