TOШКЕНТ, 26 авг — Sputnik. Ўзбекистоннинг Шаҳрисабз ва Озарбайжоннинг Байлақон шаҳарлари биродар шаҳарларга айланди, дея хабар берди Ўзбекистон Туризм қўмитаси.
Қайд этилишича, Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтган “Ўзбекистон – Озарбайжон бизнес-форуми”да Озарбайжоннинг Байлақон шаҳри ҳамда Шаҳрисабз шаҳарларининг биродарлашган алоқаларини ўрнатиш тўғрисида келишув имзоланди.
Келишув Шаҳрисабз шаҳри ҳокими Шерзод Бўриев ҳамда Байлақон шаҳар ҳокими Азиз Азизов томонидан имзоланиб, у икки шаҳар ўртасида ҳамкорликни янги босқичга кўтаришни мақсад қилган.
“Келишувга кўра, шаҳарлар туризм, савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шаҳарларнинг таълим ташкилотлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни қўллаб-қувватлаш каби масалаларда ҳамкорлик қилиши кўзда тутилган”, — дейилади хабарда.