ТОШКЕНТ, 26 авг — Sputnik. Ўзбекистондаги парламент сайловлари учун хорижий давлатларда сайлов участкалари тузилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг 39 та чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 56 та сайлов участкаси тузилиши белгиланди.
Сайлов участкалари қуйидаги давлатларда жойлашган:
Австрия, Афғонистон, Беларусь, Бельгия, Буюк Британия, Венгрия, Индонезия, Исроил, Испания, Италия, Қувайт, Латвия, Малайзия, Миср, Озарбайжон, Покистон, Польша, Сингапур, Тайланд, Тожикистон, Туркманистон, Украина, Уммон, Франция, Ҳиндистон, Швейцария, Швеция, Эрон ва Японияда – 1 тадан;
Америка Қўшма Штатлари, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Туркия, Жанубий Корея, Германия ва Қирғизистон– 2 тадан;
Қозоғистон ва Хитойда 3 – тадан;
Россия Федерациясида – 7 та.
Сайлов кодексига мувофиқ, партия рўйхати асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ягона сайлов округи бўйича сайловини ўтказиш учун Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари тузилади.
Шунга кўра, мажлисда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан “E-saylov” ахборот тизими орқали юборилган тақдимномага асосан Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш бўйича қарори қабул қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузуридаги сайлов участкалари Тошкент шаҳри ҳудудига бириктирилди.
Маълумот учун, 27 октябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари, Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.