TOШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Ўзбекистон ва Венгрия меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқчи, дея хабар берди “Дунё” АА.
Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонаси дипломатлари "Doğuş" компанияси бош операцион директори билан онлайн шаклда музокара ўтказишди.
Муҳокама этилган масалалар:
миграция соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш;
меҳнат миграциясини ташкил этишнинг асосий жиҳатлари;
ишчиларни танлаш ва жойлаштириш жараёнларини такомиллаштириш;
мигрантларни янги мамлакатда мослашувини қўллаб-қувватлаш.
"Ўзбекистонга бир неча бор бўлганман ва республика менда ниҳоятда ижобий таассурот қолдирган. Ўзбекистонлик мутахассисларнинг юқори малакаси ва меҳнатсеварлиги уларни халқаро компаниялар учун муҳим ҳамкорга айлантирмоқда", деди компания бош операцион директори.
Айтилишича, музокаралар якунида томонлар миграция йўналишида қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича мулоқотларни давом эттиришга келишиб олишди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Малайзия хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказларини бошқаришда тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиши маълум қилинган эди. Малайзия томони, хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказларини бошқариш бўйича тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистоннинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга тайёрлигини билдирди.