Истанбулдаги эҳтимолий зилзила 600 минг уйни вайрон қилиши мумкин — вазир

Истанбул мэриясининг ҳисоб-китобларига кўра, 7,5 магнитудали зилзила содир бўлса, шаҳардаги камида 90 минг бино вайрон бўлади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Истанбулда содир бўлиши мумкин бўлган зилзиланинг дастлабки дақиқаларида олти юз минг уй қулаш хавфи остида, тахминан 2,5 миллион киши жиддий хавф остида яшайди, дейди Туркия Атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Курум.
Шимолий Анадолу ёриғининг тармоқларидан бири Мармара денгизига Истанбул қирғоқларидан ўтади. Олимлар Истанбул ва Мармара денгизи ҳудудида 7 баллдан кучли зилзила бўлишини, унинг иқтисодий оқибатлари бутун Туркияга сезилишини башорат қилмоқда.
“Бугун биз Истанбулнинг 39 туманида хавф таҳлилини якунладик ва бу шаҳардаги умумий уйлар сонининг бешдан бир қисми – тахминан 1,5 миллион уй хавфсизлик талабларига жавоб бермаслигига ишонч ҳосил қилдик. Зилзила содир бўлиши мумкин бўлган тақдирда, биз биринчи дақиқаларда 600 минг уй қулаш хавфи остида эканлигини кўрдик. Бошқача айтганда, қарийб 2,5 миллион одамларимиз жуда жиддий хавф остида яшайди. Биз бу вазиятнинг жиддийлигини тўлиқ тушунамиз ва бу биноларни зудлик билан ўзгартириш зарурлигини биламиз”, - деб вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирди “Dünya” газетаси.
Истанбул мэриясининг ҳисоб-китобларига кўра, 7,5 магнитудали зилзила содир бўлса, шаҳардаги камида 90 минг бино вайрон бўлади, 4,5 миллионга яқин фуқаро вақтинчалик уй-жойга муҳтож бўлиши мумкин. Суғурта компаниялари зилзиладан кўриладиган зарар 325 миллиард доллардан ошиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Истанбулдаги эҳтимолий зилзила туфайли цунами юзага келиши хавфи бор - олим