TOШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 75 та бир мандатли сайлов округларини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 10 август куни Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалаларга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.
Бир мандатли сайлов округлари ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлик доирасида улардаги сайловчилар сонидан келиб чиққан ҳолда тузилди. Сайлов округларини тузиш бўйича Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тақдимномалари ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари “E-Saylov” ахборот тизими орқали қабул қилинди.
Шунингдек, мажлис кун тартибидаги сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи эксперт гуруҳларини тузиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Сайлов кодексининг 39-моддасига кўра, Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳини тузиши, Эксперт гуруҳи таркибига ички ишлар ва адлия органларининг мутахассислари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилиши мумкинлиги белгиланган.
Шунга кўра, Марказий сайлов комиссияси томонидан имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи 3 та эксперт гуруҳлари тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 26 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови кампаниясига старт берилди. Конституциянинг 128-моддаси ва Сайлов кодексининг 14, 36-моддаларига мувофиқ, сайловлар жорий йил 27 октябрь, якшанба куни ўтказилади.