Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида қўшма лойиҳалар ишга тушди

Икки томонлама музокаралар якунида қўшма лойиҳаларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари қўшма лойиҳаларни ишга тушириш маросимида иштирок этишди, дея хабар берди Ўзбекистон етакчиси матбуот хизмати.
Икки томонлама музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Олмаотада Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Чирчиқда М.Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетининг филиалларини тантанали равишда очишди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида қўшма лойиҳалар ишга тушди
“Ўзбек ва қозоқ олийгоҳлари филиалларининг ўзаро очилиши икки қардош мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг жадал ривожланаётганидан яна бир далолат бўлди. Мазкур таълим муассасаларида талаб юқори бўлган техник йўналишлар бўйича малакали кадрлар тайёрланади”, — дейилади хабарда.
Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари "Сиань - Хорғос - Олмаота - Сариёғоч - Тошкент" йўналиши бўйича биринчи юк поездининг етиб келишига бағишланган маросимда ҳам иштирок этишди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида қўшма лойиҳалар ишга тушди
Юк поезди Сиань шаҳридаги Қозоғистон-Хитой терминалидан "Хорғос" қуруқ портига йўл олди. У ерда контейнерлар қайта ортилди ва Қозоғистон темир йўллари бўйлаб "Сариёғоч" станцияси орқали сўнгги манзилга – "Тошкент" станциясига жўнатилди.
Контейнер поезди рекорд даражада 5 кун ичида 4486 км масофани босиб ўтди.
“Ушбу йўналиш юк ташиш вақтини қисқартириб, савдо ҳажмини оширишга кучли туртки беради”, — дея қайд этилган хабарда.
Маълумот учун, ўтган йили мамлакатлар ўртасида ташилган юк ҳажми 31 миллион тоннадан ортиқни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 17,2 фоизга ўсди.
Мирзиёев ва Тоқаевнинг тор доирадаги учрашуви: нималарга келишиб олинди?