Мирзиёев ва Тоқаев раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди

Олмаотада Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Чирчиқда Жанубий Қозоғистон университети филиаллари фаолияти йўлга қўйилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон етакчиси Қозоғистон раҳбари ва халқига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда бу кун Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлиги тарихида алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
“Бугун биз Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказмоқдамиз. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ривожида тарихий воқеа ҳисобланади”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, минтақада сувдан фойдаланиш масалаларига ягона ёндашув мавжудлиги қайд этилди. Ишончли ҳуқуқий базани шакллантириш, сув хўжалиги объектларини автоматлаштириш ва рақамлаштириш ишлари давом эттирилади.
Маданият, таълим, ёшлар ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
“Шу кунларда Остонада Ўзбек киноси кунлари, кўргазмалар, фестиваллар, концертлар ўтказилмоқда. "Заковат" интеллектуал ўйини муваффақиятли ўтди. Бундай тадбирлар ёшларимизни янада яқинлаштиради, уларни умумий тарихимиз ва қадриятларимиз билан яқиндан таништиради”, — деди Мирзиёев.
Айтилишича, маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича 2024-2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ҳам бунга хизмат қилади.
“Таълим соҳасида бугун икки мамлакатдаги етакчи олий таълим муассасалари - Олмаотада Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Чирчиқда Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети филиаллари фаолияти йўлга қўйилади”, — дея қайд этилган хабарда.
Ўзбекистон раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевга Остонада ўзбек халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш ташаббуси учун миннатдорлик билдирди.
Томонлар Марказий Осиёда интеграция ва ҳамкорликни чуқурлаштириш тарафдори эканликларини тасдиқлади. Таъкидланганидек, Маслаҳат учрашуви минтақа олдида турган вазифаларни биргаликда ҳал этиш ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган минтақавий кун тартибини ишлаб чиқишнинг самарали механизмига айланди.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа тузилмалар доирасида яқин ва очиқ мулоқотни давом эттиришга тайёрлик билдирилди”, — дея қайд этилган хабарда.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Қасим-Жомарт Тоқаевни Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи мажлисини ўтказиш учун Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.
Мирзиёев ва Тоқаевнинг тор доирадаги учрашуви: нималарга келишиб олинди?