ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. “Uzbekistan Airports” компанияси Урганч аэропортини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) модели асосида модернизация қилиш ва бошқариш бўйича тендер эълон қилди.
“Акциядорлик жамияти “Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш” лойиҳасини “Қуриш-фойдаланиш-топшириш” (Build-Operate-Transfer, BOT) модели асосида амалга ошириш бўйича тендернинг биринчи босқичини эълон қилади”, — дейилади хабарда.
Шу каби лойиҳаларни амалга ошириш тажрибасига эга барча манфаатдор компаниялар тендерда иштирок этишлари мумкин.
Ҳужжатларни топшириш қоидалари билан uzairports.com расмий веб-сайтида танишиш мумкин.
Дастлабки малака сўрови бўйича аризаларни қабул қилиш муддати: 2024 йил 14 сентябрь, Тошкент вақти билан соат 18:00.
Қайд этилишича, ҳозирда Урганч аэропортига 8 та авиакомпания мунтазам ва 40 тага яқин авиакомпания чартер рейсларни амалга оширмоқда. 2023 йилда аэропорт 590 минг йўловчига хизмат кўрсатган бўлса, 2024 йилда йўловчи ташиш ҳажми 17 фоизга ўсиши кутилмоқда.
"Дастлабки прогнозларга кўра, ДХШ амал қилиши даврида йўловчи ташиш ҳажми йилига ўртача 7,5 фоизга ўсиб бориши прогноз қилинмоқда", — дея қўшимча қилинган хабарда.