TOШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. ШҲТ давлатлари ташқи аралашувга қарши туриши ва бир-бирини қатъий қўллаб-қувватлаш учун биргаликда ҳаракат қилиши керак. Бу ҳақда Хитой етакчиси Си Цзиньпин Остонадаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида маълум қилди.
Хитой раҳбари айни дамда дунёда ўзгаришлар тезлашаётгани, инсоният жамияти яна тарихнинг чорраҳасида эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ШҲТ тарихнинг тўғри томонида, адолат тарафида, дунё учун ҳаётий аҳамиятга эга ташкилот.
“ШҲТ давлатлари ташқи аралашувга қарши туриш ва бир-бирини қатъий қўллаб-қувватлаш учун биргаликда ҳаракат қилиши керак. ШҲТ мамлакатлари ривожланиш ҳуқуқини ҳимоя қилиши, ишлаб чиқариш занжирларининг барқарорлигини сақлаши, минтақавий иқтисодиётни рағбатлантириши керак”, — деди Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин.
Маълумот учун, 3-4 июль кунлари Остонада ШҲТ саммити бўлиб ўтмоқда. Тадбирда Россия, Озарбайжон, Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қатар, Қирғизистон, Хитой, Мўғулистон, БАА, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этмоқда. Саммитда ШҲТ бош котиби Чжан Мин ва БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам иштирок этмоқда