TOШКЕНТ, 2 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида иштирок этади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ва "ШҲТ плюс" форматидаги учрашувда иштирок этиш учун 3-4 июль кунлари амалий ташриф билан Остона шаҳрида бўлади.
Саммит кун тартибидан ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ташкилот фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари ўрин олган. Халқаро ва минтақавий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари ҳам кўриб чиқилади.
“Йиғилиш якунида Остона декларацияси ҳамда иқтисодиёт, хавфсизлик, экология, энергетика, туризм ва бошқа кўплаб йўналишларда шерикликни кенгайтириш бўйича ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган”, — дейилади хабарда.
Ташриф доирасида Ўзбекистон етакчиси хорижий делегациялар раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади.