TOШКЕНТ, 30 июн — Sputnik. Малайзия компанияси Ўзбекистонда олтинни қайта ишлаш ва заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирмоқда, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг "Public Gold Group" компанияси асосчиси ва бош директори Луис Чун Хау билан учрашди.
Мулоқот чоғида Чин Хау малайзия компанияси томонидан ишлаб чиқарилган олтин маҳсулотлари шоу-руми, ноодатий дизайнларда ишланган заргарлик буюмлари намуналари билан таништирди ҳамда компания ривожланиш тарихи, фаолият турлари тўғрисида тақдимот қилди.
“Малайзия компанияси тажрибасидан келиб чиқиб, хориж томон билан Ўзбекистонда олтин қазиб олиш бўйича геология қидирув ишларида иштирок этиш, олтиндан заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулотларни сотиш ва экспорт қилиш лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқишга келишилди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, Чин Хау Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида компания ўз бренди остида олтин ва қимматбаҳо металл буюмлари савдо нуқталарини барпо этиш тўғрисидаги таклиф катта қизиқиш уйғотаётганлигини маълум қилди.
Учрашувда келгуси ойда компания раҳбарияти ва мутахассисларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишилди.