ТОШКЕНТ, 16 июнь — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга Самарқанддаги Регистон ансамбли макетини совға қилди. Бу ҳақда Қодиров ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Қайд этилишича, совғани "Аҳмат" Осиё жанговар лигаси фахрий президенти Ойбек Норинбоев ва ушбу ташкилот президенти Нодир Қодиров етказишди.
“Шавкат Миромонович томонидан менга совға қилинган қимматбаҳо совға – Самарқанд шаҳридаги дунёнинг энг маҳобатли ва гўзал майдонларидан бири – Регистон ансамблининг эсдалик нусхасини олиш жуда ёқимли бўлди. Бу майдон 600 ёшда. У Ўзбекистоннинг асосий диққатга сазовор жойларидан бири саналади. Унда учта мадраса жойлашган бўлиб, улар ҳам ўзининг гўзаллиги ва кўркамлиги билан ҳайратга солади”, — деб ёзади у.
У, шунингдек, Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакат изчил тараққиёт ва фаровонликнинг янги векторини олганини, қардош Ўзбекистонда шундай ғайратли, замонавий, Россия билан дўст бўлган давлатни янада яхшилашга қодир раҳбар борлигидан хурсанд эканини қўшимча қилди.