TOШКЕНТ, 13 июн — Sputnik. Август ойида уч давлат раҳбарлари иштирокида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланади. Бу ҳақда Қирғизистон бош вазири Ақилбек Жапаров маълум қилди, деб ёзмоқда Sputnik Қирғизистон.
Унинг сўзларига кўра, бу йўл Шанхай ва Париж ўртасидаги энг қисқа йўлга айланади.
“Буюк ипак йўли тикланмоқда. Молиявий модел аниқланди, қурилиш учун маблағ топилди. Бу лойиҳа биз учун — ҳаёт йўли”, — деди Жапаров.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойи бошида Пекинда Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли лойиҳасини биргаликда илгари суриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган эди.
Қирғизистон президентининг сўзларига кўра, уч томоннинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан 2023 йил ўрталаригача лойиҳанинг тўлиқ техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш якунланди. Қирғизистон раҳбари Евроосиё маконида муҳим қитъа кўпригининг яратилиши халқларга катта фойда келтиришини таъкидлади. Айтилишича, бу лойиҳа уч давлат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик доирасидаги ҳамкорлик рамзига айланади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, мазкур темир йўл Хитойни Ўзбекистон билан боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланади. Келгусида ушбу йўл республикага истиқболли Трансафғон йўлаги орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларининг кенг бозорларига чиқиш имконини беради. Битимга мувофиқ, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли Қашғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйлаб ўтади.