Ўзбекистон Саудиядан янги компанияларни жалб этади

Шавкат Мирзиёев "ACWA Power" компанияси бошқаруви раисини қабул қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 июн — Sputnik. Саудия Арабистонидан Ўзбекистонга янги компанияларни жалб қилиш ишларни давом эттирилади, дея хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, "ACWA Power" компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайянни қабул қилди.
Саудия Арабистони компаниялари билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари, шу жумладан қўшма инвестиция лойиҳаларининг бориши кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари "ACWA Power" билан самарали шериклик олиб борилаётганини мамнуният билан таъкидлади. Ушбу компаниянинг мамлакат энергетика тармоғини "яшил" технологиялар асосида модернизация қилишдаги етакчи ўрни қайд этилди.
Бугунги кунда жорий ва истиқболли лойиҳалар портфели 17 миллиард доллардан ошди.
"Ишбилармонлар кенгаши фаолияти доирасида Саудиядан янги компанияларни мамлакатга жалб қилиш бўйича фаол ишларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди", — дейилади хабарда.
Қуйидаги лойиҳаларни жадаллаштиришга эътибор қаратилди:
аэропортлар инфратузилмасини ривожлантириш;
энергетика тармоғини ривожлантириш ва рақамлаштириш;
иссиқлик таъминоти тармоқларини модернизация қилиш;
чиқиндиларни қайта ишлаш;
фармацевтика ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш;
тиббий клиникалар очиш;
туризм марказларини ташкил этиш;
қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини илгари суриш.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг май ойида Тошкентда ўтган III Халқаро инвестиция форумида“Acwa Power” компанияси (Саудия Арабистони) билан Қорақалпоғистонда қуввати 5 ГВт шамол электр станциясини ҳамда қуввати 2 ГВт бўлган электр энергиясини сақлаш қурилмаларини қуришга (6,2 млрд $) келишиб олинган эди.
Шунингдек, ўтган йили Ўзбекистонда Саудия Арабистони билан ҳамкорликда йирик энергетика лойиҳаларига старт берилган. Лойиҳа Сирдарё вилоятида 1500 мегаватт қувватли замонавий буғ-газ электр станциясини тармоққа улаш ҳамда Тошкент вилоятида “яшил водород”ни “пилот” тарзда ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишни назарда тутади.