ТОШКEНТ, 31 май – Sputnik. 2023 йил якунига кўра Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 19,5 фоизга ўсиб, 34,9 миллиард долларни ташкил этди. Бу республика ялпи ички маҳсулотининг 38,4 фоизини ташкил этади, деб хабар берди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.
Жумладан, ташқи давлат қарзи 14,3 фоизга ошиб, 29,64 миллиард долларни, ички қарз эса 1,6 бараварга ошиб, 5,3 миллиард долларни ташкил этди, - дейилади вазирлик сайтида эълон қилинган маълумотларда.
Маълумотларга кўра, давлат қарзининг ЯИМга нисбати ўтган йил охирида 2022 йилга нисбатан 36,4 фоиздан 38,4 фоизгача ошган.
Ўтган йилнинг май ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонунни имзолаб, бу кўрсаткични ялпи ички маҳсулотнинг 60 фоизигача чеклаган эди.