ТОШКЕНТ, 27 май — Sputnik. Ўзбекистонда Бауман номидаги Москва техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси филиаллари очилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путиннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
“Таълим ва муҳандис кадрларни тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда Бауман номидаги Москва техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси филиалларини очиш бўйича келишувларга эришилди”, - дейилган хабарда.
Ҳозир Ўзбекистонда жами 14 та Россия олий ўқув юртларининг филиаллари мавжуд.
Россия олий ўқув юртларида 60 мингдан ортиқ ўзбекистонлик, Россия олий ўқув юртларининг Ўзбекистондаги филиалларида 8 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда.