Ўзбекистонда чарм-пойабзал саноати кластерлари ташкил қилинади

Президент чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик тармоқларини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишга оид қарор имзолади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 май — Sputnik. Ўзбекистонда чарм-пойабзал саноати кластерлари ташкил қилинади. Бу ҳақда президент томонидан қабул қилинган қарорда назарда тутилган.
Президент “Чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик тармоқларини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Унга кўра, Шароф Рашидов ва Оҳангарон туманларида ташкил этилган чарм-пойабзал кичик саноат зонаси ҳудудини кенгайтириш орқали, чармни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган чарм-пойабзал саноати кластерлари ташкил қилинади.
“Саноат зоналари ҳудудида қуриладиган ишлаб чиқариш бино-иншоотлари тадбиркорларга тўғридан-тўғри 7 йилгача муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан ёки ижара асосида берилади”, — дейилади ҳужжат матнида.
“Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналарни харид қилиш мақсадида қуйидаги миқдорни компенсация қилиб беради:
хорижий валютада ажратиладиган кредитларнинг 3 миллион доллардан ортиқ бўлмаган қисми бўйича фоиз харажатларининг 6 фоиз банддан юқори қисми, бироқ 5 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда.
Хорижий брендларни жалб қилган пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга “сорсинг” компаниялари учун сарфланган харажатнинг 30 минг долларгача қисми қоплаб берилади.
Саноат зоналарида ташкил этиладиган корхоналар мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан озод этилади.
Ўзбекистон Россия тажрибаси асосида чарм-пойабзал соҳасида технопарк очиши мумкин