ТОШКЕНТ, 13 май — Sputnik. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Самарқандда ўтказилаётган Осиё хотин-қизлари форумида “БМТ Аёллар” тузилмасининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Бeлeн Санс Лукe билан музокара ўтказди.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева
© Сенат Олий Мажлиса
“Кейинги йилларда гендер тенглик, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, имкониятларини кенгайтириш йўналишида “БМТ Аёллар” тузилмаси билан ҳамкорлик янги босқичга чиқди”,— дейилади юқори палата хабарида.
Мулоқот чоғида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси билан Тузилма ўртасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, гендер бюджетлаштириш, гендер статистикаси ҳамда гендер аудит йўналишларида ўзаро тажриба алмашиш, илғор амалиётларни жорий қилиш бўйича фикр алмашилди.
Қайд этилишича, муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида ҳамкорлик бўйича тегишли ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш, унда аниқ йўналишларни белгилашга келишиб олинди.
Шунингдек, Танзила Нарбаева Озарбайжон республикаси Миллий Межлис раиси Саҳиба Гафарова билан ҳам учрашди.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева
© Сенат Олий Мажлиса
Унда савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳаларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш бўйича парламентларнинг ўзаро ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар халқаро ташкилотлар ва парламентлараро тузилмалар доирасида алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва бир-бирини қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Шунингдек, Саҳиба Гафарова Ўзбекистон ташаббуси билан илк маротаба ташкил этилаётган Осиё хотин-қизлар форуми аёлларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтиришда муҳим майдон бўлишини айтиб ўтди.
“Томонлар икки давлат тадбиркор аёллари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштиришга, ёш парламентарийлар мулоқотини янада жадаллаштиришга келишиб олди”, — дейилади хабарда.
Маълумотга кўра, Осиё қитъасида 4,82 млрд киши яшайди, бу дунё аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи деганидир. Шунингдек, қитъа умумий аҳолисининг 2,3 миллиарди ёки қарийб 49 фоизини аёллар ташкил этади. Форумда айнан уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, 13-14 май кунлари Самарқандда "Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув" мавзусида Осиё хотин-қизлари форуми бўлиб ўтади.