ТОШКЕНТ, 2 май — Sputnik. Ўзбекистонда IT маҳсулотлари экспорти 5 миллиард долларга етказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда ўтаётган III Халқаро инвестиция форумида маълум қилди.
Қайд этилишича, сўннги 1 йил ичида IT маҳсулотлари экспорти 2 баробарга ошди.
“Келажакда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказишни режа қилганмиз. IT парк резидентлари сони 10 баробарга ошади. Келгусида шу соҳада 10 мингга яқин янги иш ўринлари яратилади. Унинг базасида хорижий компаниялар учун рақамли технологиялар халқаро маркази яратилмоқда”, — дея қайд этди Мирзиёев.
Бу борада Саудия Арабистонининг “Data Volt” компанияси билан “яшил” энергия асосида ишлайдиган “Маълумотлар маркази” барпо этилаётгани таъкидланди. Бу мамлакатни рақамли иқтисодиётга ўтказиш ва сунъий интеллект асосида технологияларни жорий этишга улкан туртки беради.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 2-3 май кунлари Тошкентда учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтади. 2022 йилда ўтган илк форумга 56 та мамлакатдан мингдан зиёд хорижий меҳмонлар келган. Шу йилнинг 3 май куни президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлиси ҳам ўтказилади.