ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Қозоғистоннинг “Ана Yйі” жамоат фонди ҳамкорлигида Тошкентда “Она уйи” ижтимоий маркази очилади. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги хабар берди.
Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги ва “Ана Yйі” ижтимоий лойиҳаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.
“Ҳамкорликнинг мақсади қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ижтимоий ва иккиламчи етимликнинг олдини олишдаги тажриба ва методологик кўникмалар алмашишга қаратилган узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат”, — дейилади хабарда.
Биринчи “Она Уйи” ижтимоий маркази 8-10 нафар ёш болали аёлни қабул қилиши мумкин. Иккинчи босқичда Она уйи натижалари асосида ҳамда Ўзбекистоннинг маълум бир минтақаси эҳтиёжларига қараб лойиҳани мамлакат бўйлаб кенгайтириш белгиланган.
“Она Уйи маркази қийин ижтимоий вазият ва турли салбий ҳолатларда оналарга болаларини ўзлари тарбиялаш имкониятини бериш орқали ёрдам беради. Бу ерда уларга маънавий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатилади ҳамда ушбу ёрдам барча зарур нарсалар, хусусан, уй-жой, озиқ-овқат, кийим-кечак, шунингдек, аёл ва бола учун тиббий ёрдамни ўз ичига олади”, — дея қайд этилган хабарда.
Шу билан биргаликда, Она Уйи лойиҳаси доирасида марказда яшовчи оналарни касбий тайёрлаш дастури амалга оширилади.
Келгусида Она уйларида тикувчилик устахоналарини очиш, оналарга турли мутахассисликлар бўйича таълим бериш режалаштирилган. Натижада, Она Уйи марказида бўлган вақт давомида аёллар ижтимоийлашиши, профессионал касбга эга бўлиши ҳамда ўзлари ва фарзандларини таъминлаш мақсадида келажак учун маблағ топишлари мумкин.