ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Ўзбекистондан афғон халқига навбатдаги инсонпарварлик ёрдами етказилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Афғон халқига 169 тоннадан ортиқ зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган навбатдаги инсонпарварлик юклари карвони “Айритом” чегара ўтказиш пункти орқали қўшни мамлакатнинг Балх вилоятига етказилди. Қайд этилишича, ёрдам президентнинг топшириғига асосан етказилган.
Инсонпарварлик ёрдами таркиби:
48 тонна ун
48 тонна буғдой
15 тонна ўсимлик ёғи
10 минг 80 дона консерваланган гўшт маҳсулотлари (тушёнка)
22 тонна макарон
24 тонна шакар ҳамда 100 минг дона тез тайёрланадиган лапша.
Ҳайратон шаҳридаги "Astras" компанияси ҳудудида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Ўзбекистон ташқи ишлар вазининг ўринбосари Эркин Ҳамраев ва Афғонистоннинг Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо ҳамда икки томон расмийлари иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Очередная гуманитарная помощь доставлена афганскому народу из Узбекистана
© Пресс-служба хокимиата Сурхандарьинской области
Балх вилояти расмийлари президент ва Ўзбекистон халқига оғир пайтда кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдиришди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг апрель ойида афғон халқига 185 тоннадан ортиқ зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган инсонпарварлик юклари Ҳайратон шаҳрига етказилган эди.