Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон учрашди — қандай масалалар муҳокама этилди?

Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни ўзига қулай бўлган вақтда Ўзбекистонга келишга таклиф қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Душанбедаги “Қасри Миллат” давлат қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон тор доирада учрашув ўтказишди.
Қайд этилишича, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон тор доирада учрашув ўтказишди.
“Етакчилар Марказий Осиёнинг манфаатларини илгари суриш ва унинг барқарор тараққиётини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида минтақавий тузилмалар ва халқаро ташкилотлар доирасида конструктив ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттиришга интилишларини тасдиқладилар”, — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартноманинг имзоланиши Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларида сифат жиҳатидан янги босқичга ўтиш экани таъкидланди.
Шу маънода, иттифоқчилик муносабатларининг салоҳиятини рўёбга чиқариш барча даражалардаги мулоқотлар натижадорлигини оширишни тақозо этиши қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон тор доирада учрашув ўтказишди.
“Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши биродар халқларимизнинг туб манфаатларига тўлиқ мос келади”, — деди Ўзбекистон етакчиси.
Айтилишича, охирги йилларда товар айирбошлаш ҳажми 40 баробар ўсди. Қўшма корхоналар сони 15 баробар кўпайди.
Савдо, энергетика ва дўстлик: Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларига назар
Ҳукуматлар олдига товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказиш, шу жумладан ўзаро маҳсулот етказиб бериш номенклатурасини кенгайтириш, чегараолди савдо зоналарини тезкор ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Ташриф арафасида бизнес форуми муваффақиятли ўтказилди. Унинг якунида янги кооперация лойиҳалари ва савдо шартномаларининг катта портфели шакллантирилди. Машинасозлик, электротехника, энергетика, кончилик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларидаги ўзаро манфаатли лойиҳалар шулар жумласидан.
Томонлар кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ режаларни ҳам белгилаб олишди. Шу мақсадда қўшма Инвестиция компаниясининг салоҳиятидан фойдаланилади.
Маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Кинотомошалар, концертлар, спектакллар, кўргазмалар ва ёшлар форумлари мунтазам ўтказилиши таъкидланди. Таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ҳамёнбоп туризм дастурларини ишлаб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон тор доирада учрашув ўтказишди.
Давлат раҳбари президент Эмомали Раҳмонни ўзига қулай бўлган вақтда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттиришди.
Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди
"Бугун имзоланаётган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартномани амалга ошириш учун барча даражаларда – парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсий идоралар, вазирлик ва ҳудудлар ўртасидаги мулоқотлар самарадорлигини ошириш лозим”, — деди давлат раҳбари.
Сувдан фойдаланиш масалаларида конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.
Мирзиёев ҳудудлараро ҳамкорлик учун катта салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ташриф доирасида эришилган битим ва келишувларни тўлиқ амалга ошириш муҳимлигини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев
“Транспорт ва транзит ташишлар соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди. Президентлар бу борада ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш ҳамда ҳаво ва темир йўллари орқали ташишларни ривожлантириш, транзит юк ташишлар ҳажмини ошириш учун қулай шароитлар яратишни қўллаб-қувватладилар”,— дейилади хабарда.
Томонлар маданий-гуманитар алмашинувни янада фаол қўллаб-қувватлашга аҳдлашиб олишди.
“Замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашишда яқин алоқаларни давом эттириш, Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди. Минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлик билдирилди”, — дея қўшимча қилинган хабарда.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари қўшма “йўл харитаси”ни тайёрлаш ҳамда эришилган келишувларни самарали амалга ошириш механизмларини йўлга қўйишга топшириқ беришди.
Ўзбекистон ва Тожикистон икки томонлама ҳамкорликни кенгайтирмоқда