ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Ўзбекистонда илк маротаба IT’га бағишланган театр фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 25-30 апрель кунлари Маданият вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, IT таълим уюшмаси ҳамда Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри ҳамкорлигида “XXI аср болалари” биринчи халқаро болалар театрлари+ IT фестивали бўлиб ўтади.
Мазкур фестивални ўтказишдан мақсад маданият ва IT соҳаларини бирлаштириш, келажак авлод тарбияси ва шахс камолотида ижодий салоҳиятни ривожлантиришдан иборат.
Фестивалда Ўзбекистон, Озарбайжон, Грузия, Беларусь, Кипр, Қалмоғистон Республикаси (Россия) давлатларидан 60 га яқин ижодкорлар иштирок этади.
Дастурдан расмий очилиш маросими, ОАВ иштирокида халқаро матбуот анжумани, IT мавзусига бағишланган спектакллар намойишлари, ижодий давра суҳбатлари, фотосессиялар ўрин олган.