Екатеринбургда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти намойиш этилди

Меҳмонларга амалий санъат маҳсулотлари, гастрономик туризмнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Екатеринбургда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан Екатеринбург шаҳрида кечки ифтор ташкил этилиб, мамлакатнинг зиёрат туризми соҳасидаги сайёҳлик салоҳиятини очиб берувчи видеофильмлар ва тақдимот намойиш этилди.
Тадбирда Свердловск вилояти маҳаллий ҳокимиятининг бир қатор вакиллари, Россия ТИВ Уралдаги вакилининг ўринбосари, Озарбайжон, Қозоғистон ва Тожикистоннинг Екатеринбургдаги бош консуллари ва дипломатлари, бир қатор Кавказ республикалари, хусусан Доғистон, Ингушетия, Чеченистон ҳукуматларининг Уралдаги доимий вакиллари, турли диаспора раҳбарлари, Челябинск, Советский, Екатеринбургдаги ўзбек диаспора раҳбарлари ҳамда талабалар иштирок этди.
“Учрашувда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида жойлашган муқаддас зиёратгоҳлар ҳақидаги маълумотлар меҳмонлар эътиборига ҳавола қилинди”, — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, тадбир меҳмонларига ўзбекистонлик ҳунармандлар томонидан амалий санъат маҳсулотлари, шунингдек, гастрономик туризмнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Татаристоннинг Уралдаги доимий вакили Ҳайдар Гильфанов Бош консулхона очилганидан сўнг Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти ҳамда қадриятлари кенг тарғиб қилинаётганини эътироф этди.
Россиялик ишбилармонлар Самарқанд ва Тошкентдаги тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилмоқчи