ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Бугун Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзаков Россия Федерациясининг мамлакатдаги элчихонасига ташриф буюриб, элчи Олег Мальгинов орқали бутун Россия халқига таъзия билдирди.
“Москва вилоятидаги "Крокус Сити Холл"да юз берган фожиали воқеалар натижасида кўплаб қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик. Ўзбекистон тинч аҳолига қарши амалга оширилган ушбу террорчилик ҳаракатини кескин қоралайди. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан ва шахсан ўз номимдан ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига, Россия Федерацияси халқига ҳамдардлик ва таъзия изҳор этаман, шунингдек, барча яраланганларга тез соғайиб кетишини тилайман”, — деб ёзади вазир ҳамдардлик китобига.
Аввалроқ бош вазир Россия Федерацияси ҳукумати раиси Михаил Мишустинга Москва вилоятидаги "Crocus City Hall" мажмуасида содир бўлган терракт оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва оғир жароҳат олгани муносабати билан ҳамдардлик мактубини юборган эди.