Ўзбекистон ва Озарбайжон озиқ-овқат саноати соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олишди

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг истиқболлари кўриб чиқилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 мар — Sputnik. Ўзбекистон ва Озарбайжон озиқ-овқат саноати соҳасида лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Вазир Лазиз Кудратов Озарбайжоннинг “Azersun Holding” бошқаруви раиси ўринбосари Саваш Ўзан билан учрашди. Томонлар қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг жорий ҳолати ва истиқболларини кўриб чиқишди.
Қайд этилишича, суҳбатда ўзаро ҳамкорликни, жумладан, тажриба ва инновацияларни алмашиш орқали оширишга тайёрлик билдирилди.
“Учрашув якунига кўра томонлар келгусида амалга ошириладиган тадбирлар борасида келишувга эришдилар ва муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқдилар”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун, "Azersun Holding" - бу озиқ-овқат саноати соҳасида етакчи Озарбайжон компанияларини бирлаштирган йирик холдинг ҳисобланади. Компания томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги, қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 30 дан ортиқ корхона фойдаланишга топширилган. Холдинг Озарбайжон ички бозорида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабнинг катта қисмини қондиради ва 40 дан ортиқ мамлакатларга маҳсулот экспорт қилади.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йил 1 февраль ҳолатига хорижий капитал иштирокида энг кўп фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг 235 таси Озарбайжонга тўғри келади.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорлиги — инфографика