ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзодани қабул қилди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Қайд этилишича, суҳбат чоғида лойиҳаларни амалга оширишнинг бориши ҳамда савдо-иқтисодий ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
"Олий ва юқори даражада, жумладан, ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари доирасида эришилган келишувларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ қилиш муҳимлиги қайд этилди. Қўшма лойиҳалар ва савдо шартномаларини амалга оширишга доир қатор масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди, янги инвестиция ташаббуслари бўйича ягона ёндашувлар ишлаб чиқилди", — дейилади хабарда.
Учрашув якунида томонлар икки мамлакат саноат тармоқларидаги ишчи гуруҳлари ўртасида алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олишди. Бунда ўзаро режаларни мувофиқлаштириш, таклифлар ишлаб чиқиш ва икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича зарур чораларни кўриш мақсад қилинган.