ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко кеча, 8 февраль куни “Кўксарой” қароргоҳининг Фахрий меҳмонлар хиёбонида биргаликда дарахт экди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
“Фахрий меҳмонлар хиёбонида президентлар Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиш рамзи сифатида дарахт экдилар”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, кеча Александр Лукашенко Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги Технопаркка ташриф буюрди.
Олий мартабали меҳмон эътиборига Технопарк корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маиший техника, электрон ҳисоблагичлар, лифт ва эскалаторлар, насослар, саноат қозонхоналари, совитиш тизимлари каби кенг турдаги юқори технологик маҳсулотлар тақдим этилди.
Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган саноат мажмуасида умумий қиймати 365 миллион долларлик 17 та ишлаб чиқариш қуввати жойлаштирилган. Жорий йилда бу ерда логистика маркази иш бошлайди.
Маҳсулотлар хорижий брендлар остида ва улар назоратида ишлаб чиқарилмоқда, ички ва хорижий бозорларда уларга талаб юқори. Товарлар дунёнинг 10 та мамлакатига экспорт қилинмоқда.
Президентлар етакчи корхоналар кооперациясини, тажриба алмашиш ва технологиялар трансферини кенгайтириш зарурлигини таъкидладилар.