Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудлараро иккинчи форумида қандай ҳужжатлар имзоланди?

Форумда умумий қиймати 80 миллион доллар бўлган 20 дан ортиқ шартнома ва битимлар тузилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Бугун Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудлараро иккинчи форумида қатор икки томонлама шартномалар, шунингдек, сармоявий битимлар ва савдо шартномалари тўплами қабул қилинди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Форумда икки давлатнинг 300 дан ортиқ вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари, Савдо-саноат палаталари, вилоят ҳокимликлари раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудлараро иккинчи форуми
Қайд этилишича, сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Беларусь ишбилармон доираларининг минтақавий вакилларини фаол ва муваффақиятли ҳамкорликка чақишган.
Шунингдек, ҳукуматлар қўшма ташаббусларни амалга оширишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканликлари таъкидланган.
Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудлараро иккинчи форуми
“Савдо уйи ташкил этиш, ёғоч ва озиқ-овқат маҳсулотларини имтиёзли харид қилиш ва тизимли етказиб бериш механизмини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш икки давлат муносабатларининг истиқболли йўналишларидан эканлиги таъкидланди”, — дейилади хабарда.
Тадбир якунлари бўйича икки мамлакат ҳудудларининг ўзаро ташрифлари жадвали, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор икки томонлама шартномалар, шунингдек, сармоявий битимлар ва савдо шартномалари тўплами қабул қилинди.
Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудлараро иккинчи форуми
Беларуснинг БелТА нашри ёзишича, форумда умумий қиймати 80 миллион доллар бўлган 20 дан ортиқ шартнома ва битимлар имзоланди.
Ўзбекистон ва Беларусь 2025 йилгача 1 млрд доллардан ортиқ лойиҳаларни амалга оширади