Бу қизиқ

ЖССТ прогнози: 26 йилдан сўнг саратонга чалиниш ҳолатлари 77 фоизга кўпаяди

Ҳисоботда инсон тараққиёти индекси жуда юқори бўлган мамлакатларда ҳар 12 аёлдан бири кўкрак бези саратонига чалиниши прогноз қилинган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) онкологик касалликлар бўйича ўтказилган янги тадқиқот натижаларини эълон қилди. Унда қайд этилишича, 2050 йилга келиб, дунёда саратонга чалиниш кўрсаткичлари йилига 20 миллиондан 35 миллион ҳолатга кўпайиши мумкин.
Таъкидланишича, ўсиш динамикасига таъсир кўрсатувчи қатор омиллар мавжуд. Улар орасида тамаки истеъмоли, спиртли ичимликлар, семириш ва ҳаво ифлосланиши асосий ўринни эгаллайди.
Хусусан, ҳисоботда инсон тараққиёти индекси жуда юқори бўлган мамлакатларда ҳар 12 аёлдан бири кўкрак бези саратонига чалиниши прогноз қилинган. Шунингдек, ҳар 71 нафар бемор аёлдан бири бу хасталик оқибатида вафот этади.
Инсон тараққиёти индекси паст давлатларда эса вазият бошқачароқ тус олиши мумкин. Яъни, ҳар 27 аёлдан бирига кўкрак бези саратони ташхиси қўйилиб, 48 нафар бемордан бири ҳаётдан кўз юмади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Ер сайёраси бўйича 20 миллиондан ортиқ саратонга чалинган бемор ва 10 миллионга яқин ўлим ҳолатлари қайд этилди. Онкологик касалликлардан ўлим сабаблари орасида ўпка саратони етакчилик қилган — 18,7 фоиз. Бу дард 1,8 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлди.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон Самарқандда саратон маркази очмоқчи — тафсилотлар